АсосийЖАМИЯТ

400 БҲМдан юқори тўловлар нақдсиз амалга оширилади

Яъни 1 сентябрдан қиймати 176 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар учун нақд пулда тўлов қилиб бўлмайди.

'400 БҲМдан юқори тўловлар нақдсиз амалга оширилади'ning rasmi

Ўзбекистонда катта суммадаги харидлар учун нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш бўйича янги тартиб белгиланди. Энди базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан қиммат товар ва хизматлар учун тўловлар фақат банк картаси ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.

Бу тартиб Президентнинг 28 августда кучга кирган фармони билан белгиланди.

1 сентябрдан чегара ошади

2026 йил 1 сентябрдан базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўмдан 440 минг сўмга ошади.

Шунга кўра, БҲМнинг 400 баравари 176 миллион сўм бўлади.

Яъни 1 сентябрдан қиймати 176 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар учун нақд пулда тўлов қилиб бўлмайди.

Аввал бу чегара 25 миллион сўм эди. 1 апрелдан бошлаб 25 миллион сўмдан қиммат товар ва хизматлар учун нақд тўлов қилиш тақиқланганди.

Қайси ҳолатларда нақд пулдан фойдаланиб бўлмайди?

Нақдсиз тўлов мажбурий бўлган товар ва хизматлар рўйхатига қуйидагилар киритилган:

— давлат органлари хизматлари;
— электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви учун тўловлар;
— алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
— ёқилғи қуйиш шохобчаларида нефть-газ маҳсулотларини сотиш;
— электромобилларни қувватлаш хизматлари;
— 176 миллион сўмдан қиммат товар ва хизматлар;
— кўчмас мулк олди-сотдиси;
— ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган айрим тоифадаги транспорт воситалари ва махсус автотранспортлар олди-сотдиси.

Бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун 176 миллион сўмлик чеклов татбиқ этилмайди.

Шундай қилиб, 1 сентябрдан катта суммадаги харидларни нақд пулда амалга ошириш имконияти янада чекланади. Қолаверса, айрим товар ва хизматлар учун уларнинг нархидан қатъи назар нақдсиз тўлов талаби амал қилади.

    Бошқа янгиликлар

    400 БҲМдан юқори тўловлар нақдсиз амалга оширилади - Darakchi.uz