Бугун, 30 август куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлиб турган Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий кутиб олиб, уни шоҳсупага таклиф қилди.

Маросимда икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлат мадҳиялари янгради.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди фахрий қоровул сафининг олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзолари билан саломлашди. Биргаликда суратга тушиш маросимидан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.

Эслатиб ўтамиз, 29 август куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюрган эди.






