АсосийДУНË

Непалдаги сув тошқини 734 кишининг умрига зомин бўлди

Яна 2 498 киши бедарак йўқолган, ҳудудларда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

'Непалдаги сув тошқини 734 кишининг умрига зомин бўлди'ning rasmi

Непалдаги вайронкор сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 734 нафарга етди. Яна 2 498 киши бедарак йўқолган бўлиб, уларнинг 589 нафари хорижий давлат фуқаролари ҳисобланади. Бу ҳақда The Kathmandu Post хабар берди.

Бхоте-Коши ва Тришули дарёларидаги сув тошқинлари оқибатида зарар кўрган ҳудудларда кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Ҳукумат маълумотларига кўра, операцияларга жами 19 895 нафар хавфсизлик ходими жалб қилинган. Уларнинг 8 399 нафари армия, 7 213 нафари полиция ва 4 203 нафари Қуролли кучлар ходимларидан иборат. Ҳозирга қадар 8 186 киши қутқарилган.

Қурбонлар сонининг кўплиги ва жасадларнинг юзлаб километр масофага оқиб кетгани уларнинг шахсини аниқлашда қийинчилик туғдирмоқда. Шахси аниқланмаган жасадлар сақлаш ва идентификация қилиш учун турли туманлардаги 21 та шифохонага юборилган.

Эслатиб ўтамиз, 26 август куни Хитой–Непал чегарасидаги ҳудудда кўчки ва зилзила оқибатида йирик сув тошқини юзага келган. Табиий офат минглаб одамларнинг бедарак йўқолишига сабаб бўлган.

Тошқин дастлаб Бхоте-Коши дарёсида бошланиб, Тибет томонидан келган кучли сув оқими Тимуре ва Сябру-Беси аҳоли пунктларига, кейинчалик Нувакот ҳамда Дхадинг туманларига етиб борган. Сув оқими уйлар, автомобиллар, йўллар ва кўприкларни оқизиб кетган.

Ўзбекистоннинг Деҳлидаги, шунингдек, Непалда ҳам фаолият юритувчи элчихонаси маълумотига кўра, фалокат оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаган.

    Бошқа янгиликлар

    Непалдаги сув тошқини 734 кишининг умрига зомин бўлди - Darakchi.uz