Россия Арктикада етакчи давлат бўлган, ҳозир ҳам шундай ва келажакда ҳам бу мақомини сақлаб қолади. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.
Лавровнинг таъкидлашича, Россия юқори кенгликларни ўзлаштириш, Арктика ҳудудидаги инфратузилмани ривожлантириш ишларини миллий қонунчилик ва мамлакат тараққиёти мақсадларидан келиб чиққан ҳолда давом эттиради.
Россия Арктикадаги денгиз ҳудудларини Жаҳон океанининг ажралмас қисми деб ҳисоблайди. Ушбу ҳудудларга 1982 йилда қабул қилинган БМТнинг Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияси татбиқ этилади.
Лавров Россиянинг Арктикадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари 2008 йилда Россия, Дания, Канада, Норвегия ва АҚШ томонидан қабул қилинган Илулиссат декларациясида ҳам қайд этилганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирча Арктикадаги иқтисодий ва бошқа фаолиятни тартибга солувчи янги халқаро-ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш зарурати мавжуд эмас.
Россия ташқи ишлар вазири мамлакатнинг дунёнинг исталган минтақаси билан конструктив мулоқот тарафдори эканини таъкидлади. Шу билан бирга, зарурат туғилган тақдирда Россия миллий манфаатларини мавжуд барча воситалар билан ҳимоя қилишини билдирди.






