Греция Исроилдан 3,5 млрд долларлик ҳаво мудофааси тизимини сотиб олади
Греция 31 август куни Исроил билан қиймати қарийб 3 млрд евро, яъни 3,5 млрд доллар бўлган кўп қатламли ҳаво мудофааси тизимини харид қилиш бўйича битим имзолаши кутилмоқда. Бу ҳақда икки нафар хавфсизлик манбасига таянган ҳолда Reuters хабар берди.
Маълум қилинишича, битим Грециянинг қуролли кучларини кенг кўламда модернизация қилиш дастурининг бир қисми ҳисобланади. У қисқа, ўрта ва узоқ масофага мўлжалланган замонавий ракета тизимларини ўз ичига олади.
Манбалардан бирининг маълум қилишича, Греция расмийлари душанба куни Тел-Авивда Исроил Мудофаа вазирлигининг SIBAT ва MAFAT дирекциялари билан қиймати қарийб 3 млрд евро бўлган тўртта келишувни имзолайди. Улар уч турдаги ракета ва радар тизимларини қамраб олади.
Афина 2036 йилгача “Ахилл қалқони” деб номланган кўп қатламли баллистик ракета, самолёт ва дронларга қарши мудофаа тизимини яратиш учун қарийб 28 млрд евро сарфлашни режалаштирмоқда. Шунингдек, мамлакат АҚШдан 40 тагача F-35 қирувчи самолёти, Франция ва Италиядан эса фрегатлар харид қилишни режалаштирган.
Алоҳида келишув доирасида дронларга қарши мудофаа тизими ҳам харид қилиниши кутилмоқда.
Айни пайтда Греция ҳаво ҳудудини ҳимоя қилишда АҚШда ишлаб чиқарилган “Patriot”, Россияда ишлаб чиқарилган S-300 тизимлари ва турли қисқа масофали ҳаво мудофааси воситаларидан фойдаланади. Мамлакат мудофаа харажатларига ялпи ички маҳсулотининг қарийб 3,5 фоизини сарфламоқда.
Греция ва Исроил ўртасида ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик сўнгги йилларда сезиларли даражада кучайган. Томонлар Грецияда ҳаво кучлари учун ўқув марказини биргаликда бошқаради, ҳар йили қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказади, шунингдек, дронларга қарши тизимлар ва киберхавфсизлик соҳаларида ҳамкорлик қилади.
2025 йилда Афина Исроилда ишлаб чиқарилган 36 та PULS ракета-артиллерия тизимини қарийб 650 млн еврога харид қилишга келишган эди.






