АсосийДУНË

Шимолий Корея АҚШнинг ядровий қуролсизлантириш чақириқларини рад этди

Пхеньян ядровий қуролларидан воз кечмаслигини билдириб, уларни мамлакат суверенитетини ҳимоя қилишнинг “мутлақ кафолати” деб атаган.

'Шимолий Корея АҚШнинг ядровий қуролсизлантириш чақириқларини рад этди'ning rasmi

Шимолий Корея АҚШнинг мамлакатни ядровий қуролсизлантириш ҳақидаги чақириқларини рад этиб, ўз ядровий қуролларини сақлаб қолиши ва ядровий салоҳиятини мунтазам равишда кучайтиришини маълум қилди. Бу ҳақда “Korea JoongAng Daily” хабар берди.

Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги вакили АҚШнинг Пхеньянга нисбатан сиёсати ўзгармаганини таъкидлаган. Унинг айтишича, Вашингтоннинг “тўлиқ ядровий қуролсизлантириш” талаби, инсон ҳуқуқлари борасидаги танқидлари, шунингдек, АҚШнинг Жанубий Корея ва Япония билан ҳарбий ҳамкорлиги Пхеньян томонидан душманона сиёсат сифатида баҳоланмоқда.

“Бизинг АҚШга нисбатан сиёсатимизда ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Унинг ўзгармас душманона сиёсатига охиригача энг қатъий позиция билан жавоб берамиз”, деган вазирлик вакили.

Пхеньян ядровий қуролларидан воз кечмаслигини билдириб, уларни мамлакат суверенитетини ҳимоя қилишнинг “мутлақ кафолати” деб атаган.

“Шимолий Корея тасарруфидаги ядровий қуролларни сақлаш ва уларни мунтазам равишда кучайтириш минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг энг масъулиятли ва тўғри йўлидир”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, Шимолий Корея АҚШнинг инсон ҳуқуқлари масаласини кўтараётганини ҳам қоралаган. Пхеньян бундай танқидларни мамлакат обрўсига путур етказиш ва ички беқарорликни келтириб чиқаришга қаратилган “ўта қабиҳ ва душманона уриниш” деб баҳолаган.

Бу баёнот АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон ва Сеул ўртасидаги Ulchi Freedom Shield ҳарбий машғулотларини сезиларли даражада қисқартиришни буюргани ҳақидаги хабарлар фонида янграган.

Трамп аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан “жуда яхши муносабатлари” борлигини айтган. Шунингдек, у АҚШ ва Жанубий Кореянинг ҳарбий машғулотлари Пхеньянга кераксиз душманона сигнал юборишини билдирган.

Бироқ Пхеньян АҚШ, Жанубий Корея ва Япония иштирокида 7–11 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган Freedom Edge кўп йўналишли қўшма ҳарбий машғулотларига ҳам қарши чиқмоқда.

Маълумот учун, Шимолий Корея 2023 йил сентябрида конституциясига ўзгартириш киритиб, мамлакатнинг “доимий ядровий давлат” мақомини мустаҳкамлаган. Пхеньян шу орқали ядровий қуролсизланиш имкониятини рад этган.

    Бошқа янгиликлар

    Шимолий Корея АҚШнинг ядровий қуролсизлантириш чақириқларини рад этди - Darakchi.uz