АсосийДУНË

Жазоирда ўлим жазоси қайта тикланиши мумкин

Жазоир шимолида ёз ойларида ўрмон ёнғинлари тез-тез содир бўлади. Қурғоқчилик ва юқори ҳарорат эса сўнгги йилларда ёнғинларнинг кўлами ва жадаллигини оширмоқда.

'Жазоирда ўлим жазоси қайта тикланиши мумкин'ning rasmi

Жазоирда ўрмон ёнғинларига қасддан ўт қўйган шахсларга нисбатан ўлим жазосини қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Мамлакат Президенти Абдулмажид Теббун Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда “Euronews” хабар қилди.

Мазкур ташаббус мамлакат шимоли-шарқида содир бўлган йирик ўрмон ёнғинларидан сўнг илгари сурилди. Ўтган ҳафтадаги ёнғинлар оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам жароҳатланган.

Президент 27 август куни ушбу фожиа муносабати билан мамлакатда уч кунлик миллий мотам эълон қилди. Теббун инсонлар ҳалок бўлишини катта фожиа деб баҳолади.

Жазоирда 1993 йилдан буён ўлим жазосини ижро этишга мораторий амал қилиб келади. Бироқ президент Жиноят кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш бўйича ишларни 15 сентябрга қадар якунлашни топширган.

12 киши ҳалок бўлди, 54 киши шифохонада

Жазоир Ички ишлар вазири Саид Сайуднинг маълум қилишича, ёнғинлар оқибатида Жижел вилоятида 5 киши, Бежаяда 4 киши ва Тизи-Узуда 3 киши ҳалок бўлган.

Яна 54 киши куйиш жароҳатлари билан шифохоналарда даволанмоқда. Уларнинг 6 нафари оғир аҳволда қолмоқда.

Жазоир Фуқаро муҳофазаси агентлиги 27 август куни сўнгги 24 соат давомида мамлакатда 193 та ёнғин қайд этилганини, улардан 46 таси ҳануз давом этаётганини маълум қилган.

Шунингдек, Миллий жандармерия Бежая, Жижел ва Сетиф яқинидаги ўрмон ёнғинлари туфайли мамлакатнинг шарқий ҳудудларини боғлайдиган 3 та асосий автомобиль йўли ёпилганини билдирган.

Жазоир шимолида ёз ойларида ўрмон ёнғинлари тез-тез содир бўлади. Қурғоқчилик ва юқори ҳарорат эса сўнгги йилларда ёнғинларнинг кўлами ва жадаллигини оширмоқда.

2023 йил июль ойида Бежая яқинида содир бўлган ёнғинлар минглаб гектар ўрмон ва қишлоқ хўжалиги ерларини қамраб олган, юзлаб уйларни вайрон қилган. Ўша ёнғинлар оқибатида 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йил июль ойининг ўзида Жазоир бўйлаб қарийб 2 мингта ёнғин қайд этилган.

    Бошқа янгиликлар

    Жазоирда ўлим жазоси қайта тикланиши мумкин - Darakchi.uz