Тошкент шаҳрида уч нафар хорижий фуқарога Ўзбекистонга кириш визаларини танишлари орқали ноқонуний тарзда расмийлаштириб бериш эвазига 31 минг 200 АҚШ доллари олган шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 1985 йилда туғилган, Тошкент шаҳрида яшовчи шахс хорижий фуқароларга кириш визаларини олиб беришни ваъда қилиб, улардан 31 минг 200 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тезкор тадбир давомида у мазкур маблағнинг 4 минг 200 долларини ўзида қолдириб, 27 минг долларни пойтахтда яшовчи, 1960 йилда туғилган фуқарога бериши кераклиги аниқланган.
Шундан сўнг давом эттирилган тезкор тадбирда 1960 йилда туғилган шахс ҳам 27 минг АҚШ долларини олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган.






