Бугун, 2 сентябрь куни соат 05:32 да Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида ҳаракатланаётган икки автомобиль устига дарахт қулаб тушди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса «Шаҳрисабз» маҳалласи, Махтумқули кўчасидаги 1-уй қаршисида содир бўлган. Дарахт синиб, ҳаракатланаётган икки автомобиль устига қулаб тушган.
Ҳодиса жойига зудлик билан қутқарув экипажлари ҳамда тегишли хизматлар жалб этилган.
Кўрилган тезкор чоралар натижасида йўлдаги тўсиқлар бартараф этилиб, транспорт воситаларининг ҳаракати қайта тикланган.
Ҳодиса оқибатида фуқаролар тан жароҳати олмаган.






