АсосийДУНË

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди

Самарқанд шаҳрига ташрифлар чоғида Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилиш ҳам эзгу анъанага айланган.

'Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди'ning rasmi

Бугун, 2 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни хотирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Ислом Каримов мамлакат тарихининг мураккаб ва масъулиятли даврида Ўзбекистонга раҳбарлик қилган. Унинг номи мамлакат мустақиллигининг қўлга киритилиши, миллий давлатчиликнинг тикланиши ҳамда Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўлига чиқиши билан боғлиқ.

“Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимиз, муқаддас динимиз, она тилимиз, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.

Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.

Шу маънода, мустақиллигимизнинг пойдеворини яратишга, мамлакатимиз тинчлиги ва барқарорлигини таъминлашга, халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилишга катта ҳисса қўшган инсонлар хотирасини эъзозлаш муҳим маънавий қадриятдир”, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Биринчи Президент Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Жумладан, Тошкентда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилган.

Самарқанд шаҳрига ташрифлар чоғида Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилиш ҳам эзгу анъанага айланган.

Хотира тадбирида Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Ислом Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллиги, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда халқ фаровонлигини юксалтириш йўлидаги хизматлари ёдга олинди.

Маросимда Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар вакиллари, зиёлилар ҳамда Тошкент шаҳри жамоатчилиги иштирок этиб, Биринчи Президент ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Хотира тадбирлари Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.

    Бошқа янгиликлар