АсосийДУНË

Бельгияда Исроил клуби иштирокидаги ўйинни ўтказишга рухсат берилмади

Шаҳар мери ўйинни ўтказишга хавфсизлик нуқтайи назаридан рухсат бериб бўлмаслигини айтган.

'Бельгияда Исроил клуби иштирокидаги ўйинни ўтказишга рухсат берилмади'ning rasmi

Бельгиянинг Лёвен шаҳри мери Муҳаммад Ридуани маҳаллий “Ден Дреф” стадионида Брюсселнинг “Юнион” ҳамда Исроилнинг “Хапоэль” (Беэр-Шева) жамоалари ўртасидаги Европа Лигаси учрашувини ўтказишни тақиқлади. Бу ҳақда VRT телеканалига таяниб, “РИА Новости” хабар берди.

Шаҳар мери ўйинни ўтказишга хавфсизлик нуқтайи назаридан рухсат бериб бўлмаслигини айтган.

“Хавфсизлик нуқтайи назаридан ўйин бўлиб ўтиши мумкин эмас. Мен бу борада ўз позициямда қатъийман. Биз хавфсизликни кафолатлай олмаймиз”, — деди Муҳаммад Ридуани.

“Юнион” клуби вакиллари шаҳар ҳокимининг қарорини инобатга олган. Айни вақтда клуб муаммога ечим топиш мақсадида барча манфаатдор томонлар билан музокара олиб бормоқда.

Брюссел клуби Европа Лигасининг умумий босқичидаги уй учрашувларини Лёвенда ўтказишни режалаштирган эди. Бунга сабаб “Юнион”га тегишли “Жозеф Марен” стадиони УЕФАнинг еврокубок учрашувлари учун белгиланган талабларга жавоб бермаслигидир.

Бельгия шаҳарлари Исроил жамоалари иштирокидаги футбол учрашувларини қабул қилишдан аввал ҳам бош тортган.

Жумладан, 2024 йилда Бельгия миллий терма жамоаси Миллатлар лигаси доирасида Исроилга қарши уй учрашувини Венгриянинг Дебрецен шаҳрида ўтказган. Ўшанда ҳам Бельгиядаги бир қатор шаҳарлар хавфсизлик нуқтайи назаридан учрашувни қабул қилишдан бош тортган.

2026 йил март ойида эса Бельгия аёллар терма жамоасининг Исроилга қарши учрашуви ҳам хавфсизлик билан боғлиқ сабабларга кўра Венгрияда ўтказилган.

    Бошқа янгиликлар