АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Эрон Америка ҳарбий-денгиз кучлари кемаларига ҳужум қилишда давом этса, Вашингтон Эроннинг танкерлар флотини йўқ қилиши мумкинлигини билдирди. Хорижий манбаларга таяниб ZAmon.uz хабар берди.
Ҳегсетнинг таъкидлашича, Эрон АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларига қарата ўт очмаслиги керак. Акс ҳолда, Америка кучлари Эроннинг нефть танкерларини нишонга олади.
Бу баёнот АҚШ ва Эрон ўртасида Ҳормуз бўғози ҳудудида кескинлик кучайган бир пайтда янгради. Аввалроқ Эрон АҚШнинг авиаташувчиси ва эсминецларига баллистик ракеталар билан ҳужум қилинганини маълум қилган.
Ўз навбатида, Вашингтон Эроннинг учта нефть танкерини нишонга олганини билдирди. АҚШ Марказий қўмондонлигига кўра, танкерлар Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва унинг минтақадаги кучларини молиялаштирувчи яширин нефть тармоғига алоқадор бўлган.
Теҳрон эса АҚШ зарбаларига жавоб қайтарганини маълум қилди. Томонлар ўртасидаги қарама-қаршиликнинг кучайиши Ҳормуз бўғозида нефть ташиш хавфсизлиги юзасидан хавотирларни ҳам оширмоқда.






