Ижтимоий реестрга киритилган фуқароларни асоссиз ёки мажбуран реестрдан чиқариш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот котиби маълум қилди.
Қайд этилишича, бундай ҳолатлар фуқароларнинг давлат томонидан кафолатланган ижтимоий ҳимоя ва кўмаклардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлишига олиб келиши мумкин.
«Ҳеч қандай топшириқ ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ёки фуқаронинг ижтимоий ҳимоя ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўла олмайди», дейилади вазирлик муносабатида.
Вазирлик маълум қилишича, бу борадаги мурожаатлар ўрганилади. Ҳолатлар ўз тасдиғини топган тақдирда, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади. Шунингдек, ҳудудлардаги раҳбарларга бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тегишли огоҳлантиришлар юборилади.
Шундан сўнг мазкур масала юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳам муносабат билдирди.
Агентликка кўра, ҳудудларда камбағалликни қисқартириш, оилалар даромадини ошириш ва уларни барқарор даромад манбаига эга қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ оилани Ижтимоий реестрдан чиқаришнинг ўзи камбағаллик қисқарганини англатмайди.
«Ижтимоий реестрнинг асосий мақсади — эҳтиёжманд аҳолини аниқлаш, уларни ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш ҳамда зарур ёрдам ва хизматларни кўрсатишдир», дейилади агентлик муносабатида.
Шунингдек, реестрдан чиқариш белгиланган режа ёки кўрсаткични бажариш учун эмас, балки оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати амалда яхшилангани ва белгиланган мезонларга жавоб бергани асосида амалга оширилиши лозимлиги таъкидланган.
Агентликнинг қайд этишича, муайян ҳудуддаги камбағаллик даражаси Жаҳон банки методологияси асосида белгиланган стандартлар бўйича ўтказиладиган сўровлар натижаларига кўра аниқланади.
Айни вақтда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя инспекцияси томонидан Ижтимоий реестрдан чиқарилган оилалар бўйича назорат ишлари олиб борилмоқда. Бунда қабул қилинган қарорларнинг белгиланган мезон ва тартибларга мувофиқлиги ўрганилмоқда.
«Агентликнинг позицияси: асосий мақсад фуқарони реестрдан чиқариш эмас, балки оилани ҳақиқатан ҳам камбағалликдан чиқариш ва эҳтиёжманд фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлашдир», дейилади муносабатда.
Шу тариқа, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Бандлик вазирлиги маълумотини рад этмади. Аксинча, реестрдан чиқарилган оилалар бўйича назорат ишлари олиб борилаётгани ва қарорларнинг белгиланган мезон ҳамда тартибларга мувофиқлиги ўрганилаётганини маълум қилди.






