Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида қарийб 370 млн сўмлик суюлтирилган газни ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум бўлишича, Департаментнинг Амударё тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Амударётумангаз” масъул шахслари 220,3 млн сўмлик суюлтирилган газни талон-торож қилгани аниқланган.
Текширув давомида корхона масъуллари ўзаро тил бириктириб, 7 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 171 нафар фуқаронинг хонадонлари умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига уланган бўлишига қарамай, уларнинг номига электрон карталар очгани маълум бўлган.
Шундан сўнг мазкур хонадонларга суюлтирилган газ етказиб берилгани ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштирилиб, газ растрата йўли билан ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида ҳам суюлтирилган газ билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолати аниқланган.
Департаментнинг Нуробод тумани бўлими томонидан ўтказилган текширувда “Нурободтумангаз” масъул шахслари суюлтирилган газни сотишдан тушган 148,3 млн сўм маблағни банкка топширмасдан, ўзлаштириб юборгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан масъул шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят ишлари доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






