Ямандаги Эрон қўллаб-қувватловидаги ҳусийлар 8 сентябрь куни Саудия Арабистонининг бир нечта шаҳридаги фуқаролик ва иқтисодий объектларга ҳужум қилди. Оқибатда 73 киши, жумладан аёллар ва болалар жароҳатланган. Бу ҳақда Саудия бошчилигидаги коалиция маълум қилди.
Коалиция вакили полковник Туркий ал-Моликий ҳусийларнинг ҳужумларини “хавфли эскалация” деб атади. Унинг билдиришича, зарбалар Абҳа, Хамис-Мушайт, Жизон ва Нажрон шаҳарларидаги фуқаролик ҳамда иқтисодий объектларга йўналтирилган.
Ал-Моликий коалиция ҳусийларга қарши қатъий чоралар кўришини айтди.
“Коалиция ушбу террорчи милицияни тийиб туриш ва унинг тажовузкор ҳаракатларига қатъият билан қарши туриш учун барча зарур оператив чораларни кўради”, деди у.
Reuters маълумотига кўра, ҳужумлар оқибатида Саудиядаги айрим энергетика объектларида иш жараёни вақтинча тўхтаган, объектларда ёнғинлар юзага келган. Фавқулодда хизматлар ҳодиса жойларида иш олиб борган.
Аввалроқ, 7 сентябрь куни “Financial Times” нашри Саудиянинг “Aramco” компаниясига қарашли Жизондаги нефть объектлари янги ҳужумлардан зарар кўргани ҳақида хабар берган эди. Бироқ Reuters бу маълумотни мустақил равишда тасдиқлай олмаган, “Aramco” эса хабар юзасидан изоҳ бермаган.
Ҳусийлар Яманнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудлари ва мамлакат шимолининг катта қисмини назорат қилади. Сўнгги ҳафталарда улар билан Саудия қўллаб-қувватлаётган Яман ҳукумати кучлари ўртасидаги тўқнашувлар янада кучайган.
Саудия Арабистони дунёдаги энг йирик нефть экспортчиси ҳисобланади. Шу боис мамлакат энергетика инфратузилмасига қилинган ҳужумлар жаҳон нефть бозоридаги вазиятга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.






