Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 7 нафар йўловчи ташишга мўлжалланган Damas автомобилида 25 нафар боғча боласини олиб кетаётган ҳайдовчи аниқланди. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
У аввал маст ҳолда транспорт воситасини бошқаргани учун суд қарори билан ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилингани маълум бўлди.
Ҳодиса 4 сентябрь куни Оҳангарон кўчасида содир бўлган. Йўл-патруль хизмати инспектори томонидан тўхтатилган Damas автомобили текширилганда, унда белгиланган меъёрдан ортиқ йўловчи ташилаётгани аниқланган.
Текширув давомида автомобиль салонида 25 нафар боғча боласи бўлгани маълум бўлган. Ваҳоланки, мазкур русумдаги автомобиль атиги 7 нафар йўловчи ташишга мўлжалланган.
Ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилганда, унда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжат мавжуд эмаслиги аниқланган. Маълум бўлишича, у аввал маст ҳолда транспорт воситасини бошқаргани учун суд қарори билан ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Ҳайдовчи болаларни хавф остида қолдиргани учун уларнинг ота-оналари ҳамда боғча ходимларидан узр сўраган. У келгусида тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишини билдирган.
Damas автомобили вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.






