АсосийДУНË

Аёл ходимлар можароси ортидан Эйфель минораси ёпилди

Эйфель минорасига ҳар йили қарийб 7 миллион киши ташриф буюради.

'Аёл ходимлар можароси ортидан Эйфель минораси ёпилди'ning rasmi

Париждаги Эйфель минораси ходимлар иш ташлаши сабабли бир кунга ёпилди. Минора 8 сентябрь куни ташриф буюрувчилар учун қайта очилди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Аввалроқ Эйфель минорасига Ҳиндистоннинг BAPS диний ташкилоти делегацияси ташрифи чоғида аёл ходимлар иш жойларини тарк этишга мажбурлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан текширув бошланган.

CGT касаба уюшмаси вакили Диан Давуаннинг маълум қилишича, раҳбарият аёл ходимларга BAPS делегацияси билан алоқа қилмаслик ҳақида кўрсатма берган. Бу эса ходимлар ўртасида норозилик келтириб чиқарган.

BAPS Парижда ҳинд ибодатхонасининг очилиши муносабати билан қатор тадбирлар ўтказаётган эди. Ташкилот юзага келган вазиятдан жабрланган ёки ноқулайликка дуч келганлардан узр сўраган ва билдирилган хавотирларни жиддий қабул қилишини билдирган.

Париж мэри Эммануэль Грегуар ҳам воқеа юзасидан текширув бошланишини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, гендер тенглиги Франция пойтахтидаги тарихий ёдгорликларда ҳам таъминланиши керак.

    Бошқа янгиликлар

    Аёл ходимлар можароси ортидан Эйфель минораси ёпилди - Darakchi.uz