Бугун, 9 сентябрь куни Тошкент халқаро аэропортига Швеция ва Польша миграция қонунчилигини бузган 27 нафар Ўзбекистон фуқаросини олиб келган чартер рейси қўнди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтарилиши Ўзбекистон, Швеция ва Польша ваколатли идоралари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилган.
Тошкентга етиб келган фуқароларни Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари кутиб олган.
Қайд этилишича, ватанига қайтарилган фуқаролар бу жараёнда кўрсатилган ёрдам учун мамлакат раҳбарияти ва ваколатли органларга миннатдорлик билдирган.
Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистон фуқароларининг хориждаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг мезбон давлатлар қонунчилигига риоя этишини таъминлашга қаратилган.
Шу билан бирга, хорижга чиқувчи фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда миграция қонунчилиги бузилишининг олдини олиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.






