Тошкентда Германиядан почта орқали юборилган 3 килограмм “Клефедрон” ва 1 килограмм “гашиш” наркотик моддаларини қабул қилиб олган Chernogoriya фуқароси ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситалари контрабандасига қарши тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида 2001 йилда туғилган Chernogoriya фуқароси Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги почта бўлимида Германиядан юборилган жўнатмани қабул қилиб олган вақтида ушланган.
Жўнатма белгиланган тартибда текширилганда, спорт анжомлари ичига яширилган 3 килограмм “Клефедрон” ва 1 килограмм “гашиш” наркотик моддалари борлиги аниқланган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, хорижий фуқаронинг вақтинча яшаш манзили кўздан кечирилган. У ердан 30 грамм оғирликдаги “Альфа-PVP” наркотик моддаси солинган 11 та тайёр закладка, шунингдек, зип-пакетлар, электрон тарози ва бошқа буюмлар топилган.
Барча ашёвий далиллар белгиланган тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан хорижий фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






