Ўзбекистонда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва давлат активларини хусусийлаштириш жараёнини янада жадаллаштириш чоралари белгиланди.
Тегишли тартиблар давлат мулкини хусусийлаштиришга оид фармонда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш йўли билан давлат мулкини хусусийлаштириш жараёни бошланган давлат иштирокидаги корхона бўйича нарх таклифи келиб тушганидан кейин корхонанинг соф фойдаси, агар у баҳолаш жараёнида инобатга олинган бўлса, корхона ихтиёрида қолдирилади.
Шунингдек, давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг активлари, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиш тартибига қатор ўзгартишлар киритилади.
Жумладан, электрон онлайн-аукцион савдоларида аукцион қадами аукцион объектининг бошланғич нархининг 1 фоизи миқдорида белгиланади.
Такрорий савдоларда фақат бир нафар талабгордан ариза келиб тушган тақдирда, унга лотни ушбу савдода эълон қилинган нархда ихтиёрий сотиб олиш таклиф этилади.
Электрон онлайн-аукцион ва танлов савдосини ўтказиш тўғрисидаги хабарномани эълон қилиш муддати ҳам қисқартирилади. Хусусан, мазкур муддат 30 кундан 15 кунга, такрорий савдоларда эса 10 кундан 5 кунга туширилади.
Бундан ташқари, давлат активлари уч ой давомида сотилмаган тақдирда, уларни электрон онлайн-аукцион ва танлов савдоларида гибрид аукцион, яъни англо-голланд модели асосида реализация қилишга рухсат берилади.
Бунда такрорий аукцион савдолари мол-мулкнинг бошланғич баҳосидан бошланади. Савдо жараёнининг дастлабки босқичида нарх ҳар сафар 2 фоиздан пасайтириб борилади. Кейинчалик мулкни сотиб олиш бўйича таклиф билдирилганда эса савдо таклиф этилган нархдан бошлаб ошириб бориш тартибида давом эттирилади.
Ушбу чоралар давлат улушини иқтисодиётда қисқартириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштириш жараёнини тезлаштиришга қаратилган.






