Ўзбекистон 2026 йилнинг дастлабки етти ойи якунларига кўра, олтинни энг кўп харид қилган давлатлар учлигидан жой олди. Шу даврда Марказий банкнинг олтин бўйича соф харидлари 40 тоннадан ошган.
Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, 2026 йил июль ойида марказий банклар жами 23 тонна олтинни соф харид қилган. Ой давомида энг кўп олтин сотиб олган давлатлар Хитой ва Польша бўлди. Хитой 20 тонна, Польша эса 8 тонна олтин харид қилди.
Шу билан бирга, айрим давлатлар июль ойида олтин сотган. Россия 6 тонна, Туркия, Иордания ва Ўзбекистон эса қарийб 1 тоннадан қимматбаҳо металл сотди.
Шунга қарамай, йил бошидан буёнги кўрсаткичлар Ўзбекистонни дунёдаги энг йирик олтин харидорларидан бири сифатида кўрсатмоқда.
2026 йилнинг дастлабки етти ойида Польша 90 тонна, Хитой 60 тонна, Ўзбекистон 40 тоннадан ортиқ, Қозоғистон эса 29 тонна олтин харид қилган.
Мазкур даврда энг кўп олтин сотган давлатлар қаторида Туркия, Россия ва Озарбайжон бор.
Жаҳон олтин кенгаши маълумотлари марказий банкларнинг олтин захираларини оширишга бўлган қизиқиши ҳануз юқори эканини кўрсатмоқда.






