Ўзбекистонда давлат активлари ва ер участкаларини хусусийлаштиришда тадбиркорлар учун тўлов шартлари енгиллаштирилмоқда. Энди давлат объектларини харид қилишда аванс тўлови миқдори камайтирилиб, айрим ҳолатларда бўлиб тўлаш имконияти ҳам берилади.
Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 28 август куни қабул қилинган “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, давлат объектларини сотиб олишда қуйидаги шартлар жорий этилади:
— Аванс тўлови 15 фоиз этиб белгиланади. Бу тадбиркорга маблағларнинг катта қисмини бир вақтнинг ўзида тўлаш ўрнига, уларни янги лойиҳалар ва ишлаб чиқаришга йўналтириш имконини беради.
— Объект қиймати 6 ой ичида тўлиқ тўланса, 25 фоиз чегирма берилади. Яъни харидор шартнома суммасининг чорак қисмини тўламайди.
— 7 йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Актив қийматининг 50 фоизини 6 ой ичида тўлаган харидор қолган маблағни 7 йил давомида фоизсиз тўлаши мумкин. Шунингдек, қийматнинг 35 фоизини 3 ойда тўлаб, қолган қисмини 5 йилга бўлиб тўлаш имконияти ҳам мавжуд.
— Ер участкалари “тайёр пакет” шаклида савдога чиқарилади. Бунда ер участкасининг лойиҳаси, зарур рухсатномалар ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича техник шартлар олдиндан тайёрланади.
Қайд этилишича, ушбу ислоҳотлардан мақсад иқтисодиётда давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш, йиллар давомида фойдаланилмай келаётган активларни самарали ишлатиш ва улар асосида янги лойиҳалар ҳамда иш ўринларини яратишдан иборат.






