АсосийЖАМИЯТ

Марказий Осиё давлатлари ядровий қурол бўйича қўшма баёнот берди

2006 йил 8 сентябрь куни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Семипалатинск шаҳрида Марказий Осиёни ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантириш тўғрисидаги шартномани имзолаган.

'Марказий Осиё давлатлари ядровий қурол бўйича қўшма баёнот берди'ning rasmi

Марказий Осиёнинг беш давлати Яқин Шарқда ядровий қуролдан холи ҳудуд ташкил этишни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 8 сентябрь куни эълон қилган қўшма баёнотда маълум қилинди.

Баёнот Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон томонидан Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудуд ташкил этиш тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 20 йиллиги муносабати билан қабул қилинган.

Унда Марказий Осиё давлатларининг ядровий қуролсизланиш ва ядровий қуролларни тарқатмаслик борасидаги позицияси баён этилган. Вазирлар ядровий қуролдан фойдаланиш ёки уни синовдан ўтказиш инсоният учун ҳалокатли оқибатларга олиб келишини таъкидлаган.

Таъкидланишича, ядровий қуролдан холи ҳудудларни ташкил этиш ядровий қурол тарқалишининг олдини олиш ҳамда глобал ядровий қуролсизланиш жараёнини кучайтиришнинг самарали воситаларидан бири ҳисобланади.

Қўшма баёнотда Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома халқаро ядровий хавфсизлик тизимининг асосий ҳуқуқий пойдеворларидан бири экани қайд этилган.

Шунингдек, ташқи ишлар вазирлари ядровий қуролсизланиш соҳасида сезиларли ютуқларга эришилмаётганидан жиддий хавотир билдирган. Қурол-яроғ назорати соҳасидаги муҳим келишувларнинг бекор қилиниши ва ядровий арсеналларни модернизация қилиш тенденцияси ҳам хавотирли экани айтилган.

Шу муносабат билан Марказий Осиё давлатлари ядровий қуролланиш пойгасининг олдини олиш мақсадида янги, самарали ва текширилиши мумкин бўлган қурол-яроғ назорати механизмларини зудлик билан ишлаб чиқишга чақирган.

Баёнотда Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг ядровий дастурлар устидан кафолатлар ва мониторинг механизмларини амалга оширишдаги фаолияти қўллаб-қувватланган. Шунингдек, ядровий энергиядан тинч мақсадларда фойдаланиш борасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилган.

Марказий Осиё давлатлари Ядровий синовларни ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисидаги шартноманинг имкон қадар тезроқ кучга киришини ҳам қўллаб-қувватлаган.

Маълумот учун, Марказий Осиёни ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантириш ташаббуси дастлаб Ўзбекистон томонидан 1993 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида илгари сурилган.

2006 йил 8 сентябрь куни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Семипалатинск шаҳрида Марказий Осиёни ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантириш тўғрисидаги шартномани имзолаган.

    Бошқа янгиликлар

    Марказий Осиё давлатлари ядровий қурол бўйича қўшма баёнот берди - Darakchi.uz