Янги Тошкент ҳудудида барпо этилаётган замонавий футбол стадиони қурилиши қиймати 100 миллион долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда “Kyrgyzfootball” нашри хабар берди.
55 минг томошабинга мўлжалланган арена ФИФА талабларига мувофиқ қурилмоқда. Стадион 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиладиган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг Ўзбекистондаги асосий майдонларидан бири бўлади.
Мусобақанинг ярим финал ва финал учрашувларини мазкур стадионда ўтказиш режалаштирилган.
Олти қаватли мажмуа таркибига асосий арена билан бир қаторда учта машғулот майдони, 10 дан ортиқ эскалатор ҳамда 5500 та автомобиль учун мўлжалланган автотураргоҳ киради.
Шунингдек, стадион яқинида метро бекатини қуриш режалаштирилган. Футболчилар, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун замонавий инфратузилма яратилади.
Стадион қурилиши 2025 йил ноябрь ойида бошланган. 2026 йил июль ойидаги расмий маълумотларга кўра, қурилиш ишларининг 65 фоизи бажарилган.
Лойиҳанинг расмий бошланиши 2025 йил 11 ноябрь куни бўлиб ўтган. Ўша куни Президент Шавкат Мирзиёев стадион қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этган.






