АсосийЖАМИЯТ

Самарқандда аёлни “тириклайин” ўликка чиқаришди

Бу шифокорнинг техник хатоси сабаб содир бўлган.

'Самарқандда аёлни “тириклайин” ўликка чиқаришди'ning rasmi

Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи аёл электрон маълумотлар базасида вафот этган деб қайд этилган. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказиб, бу техник хато оқибатида юзага келганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 2001 йилда туғилган М.М. 2022 йил 18 август куни оғир аҳволда, бачадондан қон кетиши шикояти билан Булунғур туманидаги туғруқ бўлимига мурожаат қилган. Текширувлар натижасида ҳомиланинг она қорнида нобуд бўлгани аниқланган.

Шундан сўнг аёлга зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, нобуд бўлган ҳомила туғдириб олинган ва антенатал ўлим ҳолати белгиланган тартибда қайд этилган.

Бироқ маълумотларни электрон базага киритиш жараёнида даволовчи шифокор Раъно Ғофурова томонидан техник хато йўл қўйилган. Натижада аёлнинг паспортидаги ЖШШИР рақами нобуд бўлган фарзандининг маълумотларига бириктириб қўйилган.

2023 йилда М.М. иккинчи фарзанди учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш жараёнида электрон базадаги ушбу хато сабабли муаммога дуч келган. Шундан сўнг туман тиббиёт масъуллари ва ФҲДЁ ходимлари томонидан маълумотлар базасидаги хато бартараф этилган.

Шунингдек, 2023 йил охирида аёлга янги ID-карта расмийлаштирилган. Бу жараёнда у билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо ёки тўсиқлар юзага келмаган.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилишича, ҳолат атрофлича ўрганилиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда электрон маълумотлар базаси ва Face ID тизимидаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.

    Бошқа янгиликлар

    Самарқандда аёлни “тириклайин” ўликка чиқаришди - Darakchi.uz