Миллий гвардиянинг вазифа ва ваколатлари қайта тизимлаштирилади
Ўзбекистонда Миллий гвардия органларининг асосий вазифалари 12 тадан 11 тага қисқартирилиб, ҳарбий хизматчиларнинг фуқаролар билан мулоқот қилиш тартиби аниқ белгиланади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида муҳокама қилинган қонун лойиҳасида сўз боради.
«Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи ҳужжат Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов томонидан тақдим этилган.
Қайд этилишича, ўзгартишлар Миллий гвардиянинг вазифа ва ваколатларини амалдаги функцияларга мослаштириш, такрорланувчи нормаларни бартараф этиш ҳамда ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган.
Қонун лойиҳасига кўра, Миллий гвардия органларининг асосий вазифалари 12 тадан 11 тага тизимлаштирилади. Жумладан, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва чек қўйиш мақсадида аҳоли пунктларидаги жамоат жойларида патруллик қилиш, шунингдек, давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектлар, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш билан боғлиқ вазифалар қайта тартибга солинади.
Шунингдек, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий тартибсизликлар ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатларга чек қўйиш Миллий гвардиянинг янги вазифаларидан бири сифатида белгиланмоқда. Бундай тадбирлар қонунчиликда белгиланган тартибда Миллий гвардия томонидан мустақил равишда ёки ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Қонун лойиҳасида Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг фуқаролар билан мулоқот қилиш тартиби ҳам аниқ белгиланмоқда.
Амалдаги қонунчиликда ҳарбий хизматчи фуқарога мурожаат қилганда ёки фуқаро унга мурожаат қилганда ўзини таништириш тартиби аниқ белгиланмаган.
Янги тартибга кўра, ҳарбий хизматчи фуқарога мурожаат қилганда ўз лавозими, унвони, фамилияси, исми ва отасининг исмини айтиши, шунингдек, мурожаат қилиш сабаби ва мақсадини тушунтириши шарт бўлади. Фуқаронинг талабига кўра эса хизмат гувоҳномасини кўрсатиши лозим.
Агар фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилса, ҳарбий хизматчи бундай чораларнинг сабаби ва асосларини, шунингдек, фуқаронинг юзага келадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши керак бўлади.
Фуқаро Миллий гвардия ҳарбий хизматчисига мурожаат қилганида ҳам ходим ўзини таништириши, мурожаатни диққат билан эшитиши ва ўз ваколати доирасида тегишли чора кўриши белгиланмоқда. Агар масалани ҳал қилиш унинг ваколатига кирмаса, фуқарога қайси орган ваколатига тааллуқли эканини тушунтириши лозим.
Бундан ташқари, жамоат хавфсизлигини таъминлашда махсус воситаларнинг замонавий турларидан фойдаланиш бўйича Миллий гвардиянинг ҳуқуқлари аниқлаштирилади. Шу билан бирга, юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлмаган айрим ҳуқуқлар чиқариб ташланади.
Қутбиддин Бурхоновнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси қўмита ҳузуридаги ишчи гуруҳ аъзолари, мутахассислар ва экспертлар иштирокида муҳокама қилинган.
Мазкур ўзгартишлар Миллий гвардия фаолияти самарадорлигини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқаролар билан муносабатларда очиқлик ва қонунийликни таъминлашга қаратилган.






