АсосийЖАМИЯТ

Экополиция инспектори хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлди

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Мирзо Ботировнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди.

'Экополиция инспектори хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлди'ning rasmi

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекциясининг Сирдарё сув ҳавзасини назорат қилиш бўлими бош мутахассиси Мирзо Ботиров хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлди.

Маълум қилинишича, Мирзо Ботиров 9 сентябрь куни соат 23:00 атрофида Сирдарё дарёси ўзанида ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган ҳуқуқбузарларнинг қаршилигига учраган. Оқибатда инспектор сувга тушиб кетган.

Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган қидирув ишлари натижасида унинг жасади 10 сентябрь куни топилган.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Мирзо Ботировнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди.

Ҳозирда марҳумнинг оила аъзоларига зарур моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, шунингдек, воқеанинг барча тафсилотларини ўрганиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Мирзо Ботиров умрини атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишлаган. Унинг табиатни асраш ва экологик қонунчилик талабларини таъминлаш йўлидаги фидокорона хизматлари ҳамда кўрсатган жасорати муносиб баҳоланиб, у вафотидан сўнг «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирланади.

Мирзо Ботировнинг хотираси қалбларда абадий сақланади.

    Бошқа янгиликлар

    Экополиция инспектори хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлди - Darakchi.uz