Бугун, 10 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида Howo русумли юк автомобилига уланган ярим тиркама йўлдан чиқиб кетиб, хонадонга бориб урилди. Ҳодиса оқибатида фуқаролар жабрланмади.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлагановнинг маълум қилишича, воқеа соат тахминан 16:00 да Чирчиқ шаҳридаги “Садриддин Айний” кўчасида содир бўлган.
1977 йилда туғилган ҳайдовчи Howo русумли юк автомобилини бошқариб кетаётган вақтда техник сабабларга кўра унга уланган ярим тиркама ажралиб кетган. Шундан сўнг тиркама йўл четида жойлашган хонадонга бориб урилиб, шу ерда тўхтаган.
Ҳодиса сабабли автомобиль йўлида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланган ва айланма йўллар орқали ҳаракат ташкил этилган.
Ҳозирда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан тиркама олиб ташланган ва транспорт воситалари ҳаракати тўлиқ тикланган.
Хонадонга етказилган зарар қонунчиликда белгиланган тартибда қопланиши маълум қилинди.
Ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






