АсосийЖАМИЯТ

Учта ҳудудда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди

Мазкур гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

'Учта ҳудудда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди'ning rasmi

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ учта ҳолат аниқланди. Ҳолатлар Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва божхона органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда фош этилган.

Хусусан, ДХХ Хоразм вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Ички ишлар ҳамда Божхона бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида Тупроққалъа туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида «Сурхондарё – Хоразм» йўналишида ҳаракатланаётган «Ласетти» русумли автомобиль тўхтатилиб, текширилган. Автомобилда йўловчи сифатида кетаётган Анғор туманида яшовчи, 1960 йилда туғилган, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун икки марта судланган шахсга тегишли селлофан пакетдан 490 грамм «опий» моддаси аниқланган.

Маълум бўлишича, ушбу шахс қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кирилган гиёҳвандлик воситасини Хоразм вилояти ҳудудида сотишни режалаштирган.

Яна бир ҳолатда «Тошкент – Хоразм» йўналишида ҳаракатланаётган «Оникс» русумли автомобиль текширилган. Унда йўловчи сифатида кетаётган Урганч шаҳрида яшовчи, 1968 йилда туғилган шахснинг ёнидан 119 грамм «гашиш» моддаси топилган.

Шунингдек, ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида ўтказилган тезкор тадбирда «Сирдарё – Жиззах» йўналишида ҳаракатланаётган «Ласетти» русумли автомобиль тўхтатилган.

Текширув жараёнида Жиззах шаҳрида яшовчи, 1974 йилда туғилган, аввал гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган автомобиль ҳайдовчисининг хатти-ҳаракатлари шубҳа уйғотган. У белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилганда, оёқ кийими ичига 16 грамм «опий» моддаси яширилгани аниқланган.

Мазкур гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар