Грузияда махсус миграция назорати тадбирлари давомида 13 давлат фуқаролари бўлган 59 нафар ноқонуний мигрант ушланди. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Бу ҳақда Грузия Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Грузия ИИВ Миграция департаменти ходимлари мамлакат бўйлаб махсус назорат тадбирларини ўтказган. Текширувлар турли ҳудудлар ва объектларда амалга оширилган.
Тадбирлар давомида Кения, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Миср, Гана, Эфиопия, Ўзбекистон, Филиппин, Судан, Камерун, Хитой ва Озарбайжон фуқаролари бўлган 59 нафар шахс мамлакатда қонуний асосларсиз бўлиб тургани аниқланган.
Қайд этилишича, ушланганлар Грузиянинг "Чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида"ги қонуни талабларини бузган ҳолда мамлакат ҳудудида бўлган.
Ҳозирда улар Миграция департаментининг вақтинча жойлаштириш марказига олиб кетилган. Шахсларни Грузиядан чиқариб юбориш, яъни депортация қилиш бўйича тегишли тартиб-таомиллар амалга оширилмоқда.
Грузия ИИВ маълумотларига кўра, қонунчиликка киритилган ўзгартишлар кучга кирганидан буён Миграция департаменти томонидан 160 та махсус миграция назорати тадбири ўтказилган.
Ушбу тадбирлар давомида 18 минг нафар хорижий фуқаронинг ҳужжатлари ва мамлакатда бўлиш қонунийлиги текширилган. Текширувлар натижасида аниқланган 1 минг нафар ноқонуний мигрант эса Грузиядан чиқариб юборилган.






