Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларининг боғча, ўқув маркази, йўлкира ва ётоқхона харажатлари ваучер орқали қопланади.
Ўзбекистонда Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларининг боғча пули, қўшимча таълим, йўлкира ҳамда олийгоҳдаги ётоқхона ва ижара харажатлари 2027 йил 1 январдан ваучер асосида қоплаб берилади. Бу Президентнинг 11 сентябрда имзолаган фармонида белгиланди.
Ваучерлар маҳалла еттилиги тасдиқлайдиган индивидуал режа ёки боланинг қонуний вакили мурожаати асосида шакллантирилади. Уларнинг амал қилиш муддати 12 ой этиб белгиланади.
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг боғча ёшидаги фарзандлари давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидаги тўловларни ваучер орқали қоплаш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, умумий ўрта таълимда ўқийдиган болаларнинг қўшимча таълим ва бориб-келиш йўлкира харажатлари ҳам қопланади.
Кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларнинг давлат ётоқхоналари, давлат-хусусий шериклик асосидаги талабалар турар жойлари ҳамда хусусий уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатларини қоплаш ҳам назарда тутилган.
2027 йилдан Ижтимоий реестрга киритишда оиланинг нафақат молиявий аҳволи, балки аъзоларнинг сурункали касалликлари, ногиронлиги, ташқи меҳнат миграцияси ва кўп болалилиги каби мезонлар ҳам ҳисобга олинади.






