Ўзбекистонда суд ишларига аралашиш ва судга ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Тегишли қонун 12 сентябрдан кучга кирди.
Қонун билан Жиноят кодексининг 236-моддасига ўзгартириш киритилиб, суд ишларини ҳал этишга ноқонуний аралашганлик учун жазо чоралари аниқлаштирилди.
Унга кўра, судья ёки халқ маслаҳатчисига муайян ишни адолатсиз ҳал қилиш мақсадида ноқонуний таъсир ўтказиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар бундай ҳаракат мансабдор шахс томонидан содир этилса, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин. Шунингдек, айрим ҳолатларда муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш ҳам назарда тутилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам қўшимча киритилди. Судга ҳурматсизлик қилиш, жумладан, судга қасддан келмаслик, раислик қилувчининг фармойишига бўйсунмаслик ёки суд мажлисида тартибни бузиш БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача жаримага сабаб бўлади.
Қонун суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олишга қаратилган.






