АсосийЖАМИЯТ

Тирик одам “вафот этган” деб қайд этилса, хатони қандай тузатиш мумкин?

Хўш, тирик инсон ҳужжатларда “вафот этган” деб кўрсатилса, нима қилиши керак?

'Тирик одам “вафот этган” деб қайд этилса, хатони қандай тузатиш мумкин?'ning rasmi

Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи аёл тирик бўлса-да, ҳужжатларда вафот этган деб қайд этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, аёлнинг шахсий идентификация рақами — ЖШШИР техник хато туфайли нобуд бўлган ҳомила маълумотларига бириктирилган.

Хўш, тирик инсон ҳужжатларда “вафот этган” деб кўрсатилса, нима қилиши керак? Хатони қайси идора тузатади ва қайси ҳолатда судга мурожаат қилиш зарур?

Бу саволларга Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси Муҳаммадусмон Абдувалиев жавоб берди.

Аввало хато қаерда эканини аниқлаш керак

Мутахассисга кўра, тиббий маълумотномага бошқа шахснинг ЖШШИРи киритилиши, электрон тизимда маълумотларнинг нотўғри боғланиши ёки ФҲДЁда тирик инсон номига ўлим қайди очилиши — бир-биридан фарқ қилувчи ҳолатлар. Шу сабабли уларни бартараф этиш тартиби ҳам турлича.

Фуқаро биринчи навбатда “вафот этган” деган маълумот қайси манбадан олинганини аниқлаши лозим. Агар хато тиббий маълумотномада бўлса, уни шакллантирган тиббиёт муассасасига мурожаат қилинади. Нотўғри маълумот ФҲДЁ қайдига ҳам киритилган бўлса, тегишли ФҲДЁ органига ариза берилади.

Мурожаатда нималар кўрсатилади?

Аризада фуқаро хатони қачон ва қандай аниқлаганини, қайси ҳужжат ёки электрон тизимда унинг “вафот этган” деб кўрсатилганини баён қилиши керак.

Шунингдек, маълумотни текшириш, хатонинг манбасини аниқлаш ва уни бартараф этиш сўралади.

Мурожаатга шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда нотўғри маълумот акс этган ҳужжат ёки электрон хабар нусхасини илова қилиш мақсадга мувофиқ.

Аризанинг рўйхатга олинган рақамини сақлаб қўйиш ва натижа бўйича ёзма жавоб олиш ҳам муҳим. Бу кейинчалик хатони тузатишни талаб қилиш ёки рад жавоби устидан шикоят қилишда асос бўлиши мумкин.

ФҲДЁ хатони ўзи тузата оладими?

Етарли асослар мавжуд бўлса ва манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлмаса, далолатнома ёзувига тузатишни ФҲДЁ органининг ўзи киритади.

Ўзбекистонда расмийлаштирилган қайд унинг ёзуви сақланаётган ФҲДЁ органи томонидан тузатилади.

Бироқ вафот этган одам ҳақидаги қайддаги хатони тўғрилаш билан тирик инсон номига ўлим қайди очилганини бартараф этиш бир хил жараён эмас.

Биринчи ҳолатда далолатнома ёзувидаги маълумот тузатилади. Иккинчи ҳолатда эса ўлим факти нотўғри шахсга нисбатан расмийлаштирилган бўлиши мумкин. Бундай вазиятда қайдни тузатиш етарлими ёки уни бекор қилиш зарурми — ҳужжатлар асосида аниқланади.

Ариза қанча вақтда кўриб чиқилади?

ФҲДЁ далолатнома ёзувига ўзгартириш ёки тузатиш киритиш ҳақидаги ариза, умумий қоидага кўра, беш иш кунида кўриб чиқилади.

Зарур ҳужжатлар ёки ёзувлар нусхасини олиш талаб этилса, асосли сабабларга кўра бу муддат 15 иш кунигача узайтирилиши мумкин.

Бу муддат айнан ФҲДЁ қайдини тузатиш ҳақидаги аризага тегишли бўлиб, уни тиббиёт муассасаси ёки бошқа идора тизимидаги ҳар қандай техник хатони бартараф этиш муддати сифатида қабул қилиш мумкин эмас.

Қачон судга мурожаат қилинади?

Агар ФҲДЁ далолатнома ёзувига тузатиш киритишни рад этса, ушбу қарор устидан суд тартибида шикоят қилиш мумкин.

Бунинг учун, аввало, рад этиш сабаблари кўрсатилган ёзма жавобни олиш зарур.

Судга мурожаатда қайси маълумот нотўғри экани, ФҲДЁдан нима сўралгани ва талаб қандай асос билан рад этилгани кўрсатилади. Аризага ФҲДЁнинг жавоби ҳамда хатони тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Агар тирик инсон номига очилган ўлим қайдини бутунлай бекор қилиш зарур бўлса, масала оддий тузатишдан фарқ қилади. Бундай ҳолатда ФҲДЁга суднинг далолатнома ёзувини бекор қилиш ҳақидаги қарори асос бўлади.

Хато бошқа тизимларда ҳам тузатилиши керак

Ўлим ҳақидаги маълумотлар ФҲДЁдан Пенсия жамғармаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимларига ҳам юборилади.

Шу боис хато дастлабки манбада бартараф этилганидан кейин маълумотларни қабул қилган бошқа идораларда ҳам янгиланганини текшириш муҳим.

Фуқаро тузатиш киритилганини тасдиқловчи ёзма жавоб ёки маълумотномани сақлаб қўйиши лозим. Агар бошқа идорада эски маълумот туфайли муаммо давом этса, ушбу ҳужжат асосида маълумотларни қайта текшириш ва янгилашни сўраш мумкин.

    Бошқа янгиликлар

    Тирик одам “вафот этган” деб қайд этилса, хатони қандай тузатиш мумкин? - Darakchi.uz