Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Нуробод тумани Тепақул маҳалласи ҳудудида “жуда катта портлаш” содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Самарқанд вилояти Экология бош бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Бошқарма маълумотига кўра, мурожаатлар асосида ўтказилган ўрганишлар давомида Самарқанд шаҳри, Ғўрўғли кўчаси, 12-уй манзилида жойлашган “SAM NURAFSHON GROUP” МЧЖ томонидан аҳоли яшаш ҳудудларига яқин тоғли ҳудудда портлатиш ишлари олиб борилаётгани аниқланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат маҳаллий аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлган.
Айни вақтда ҳудудда тегишли назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида давлат инспекторлари томонидан амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда зарур ҳужжатлар ўрганилмоқда.
Шунингдек, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — Бизнес-омбудсманнинг тегишли жавоб хатига мувофиқ, ҳолатни белгиланган тартибда текшириш учун зарур ҳужжатлар тақдим этилган.
Ўрганиш ишлари якунланганидан сўнг ҳолатга қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилади. Текширув натижалари бўйича қўшимча маълумотлар жамоатчиликка тақдим этилади.
Маълумот учун, ижтимоий тармоқларда тарқалган дастлабки хабарларда Нуробод тумани Тепақул маҳалласи ҳудудида катта портлаш содир бўлгани айтилган эди. Расмий муносабатда эса ҳудудда портлатиш ишлари олиб борилгани ва ушбу ҳолат юзасидан назорат тадбирлари ўтказилаётгани маълум қилинган.






