АсосийЖАМИЯТ

Ирландиялик саёҳатчи 6805 километрни ялангоёқ босиб ўтиб, жаҳон рекордини ўрнатди

Кивни 2023 йилда ҳам ноодатий рекорд ўрнатган.

'Ирландиялик саёҳатчи 6805 километрни ялангоёқ босиб ўтиб, жаҳон рекордини ўрнатди'ning rasmi

34 ёшли ирландиялик Эймон Кивни Истанбулдан Ирландиягача 6805,83 километр масофани оёқ кийимисиз босиб ўтиб, энг узоқ ялангоёқ саёҳат бўйича жаҳон рекордини ўрнатди. Бу ҳақда “Гиннеснинг рекордлар китоби” хабар берди.

Кивнининг саёҳати Туркиянинг Истанбул шаҳрида бошланган. У 369 кундан сўнг, 7 март куни Ирландиянинг Миё графлигидаги туғилиб-ўсган Клерморрис шаҳрига етиб борган.

Саёҳатчи йўл давомида Туркиядан кейин Болгария, Руминия, Венгрия, Австрия, Германия, Франция, Англия ва Уэльс орқали ўтган.

Кивни бу йўналишда биринчи марта рекорд ўрнатаётгани йўқ. У 2016 йилда Ирландия бўйлаб 2080,14 километр масофани ялангоёқ босиб ўтган. Бироқ 2024 йилда поляк Павел Дуракевич 3409,75 километр натижа қайд этиб, ушбу рекордни янгилаган.

Янги рекордни ўрнатишга тайёргарлик жараёнида Кивни оёқларини махсус чиниқтирган. У сафарга қадар имкон қадар кўпроқ ялангоёқ юриб ва югуриб, оёқ тагидаги терини узоқ масофага мослаштирган.

Шунга қарамай, саёҳат давомида уни жиддий синовлар кутган. Узоқ вақт асфальт йўлларда юриш оқибатида оёқ тагидаги тери айрим ҳолларда қонагунча ейилган. Шунингдек, оёқларига тиканлар ва майда шиша синиқлари кирган.

Сафар якунига яқин тиканли бутадан олган жароҳати инфекциялангани сабабли Кивни бир ҳафта давомида йўлга чиқа олмаган.

Об-ҳаво ҳам саёҳатчи учун жиддий синов бўлган. Венгриядаги жазирама иссиқ туфайли у баъзан бир-икки кун тўхтаб дам олишга мажбур бўлган. Кейинчалик эса сафарнинг қишки қисмида совуқ билан курашган.

Кивни сафар давомида минглаб одамларнинг ҳайратли нигоҳларига дуч келган. Бироқ унинг таъкидлашича, одамлар асосан қизиқиш билан муносабатда бўлиб, унга ёрдам беришга ҳаракат қилган.

Жумладан, Туркиянинг шимоли-ғарбидаги Сюлўғли шаҳрида маҳаллий аҳоли унга алоҳида кўмак кўрсатган. Кивнини ит тишлаганидан кейин қутуришга қарши эмланиш учун шифохона излаган пайтда бир туркиялик уни уйига қаҳва ва нонуштага таклиф қилган. Унинг набираси эса саёҳатчига шаҳардаги шифохона манзилини кўрсатувчи харита чизиб берган.

Кивни 2023 йилда ҳам ноодатий рекорд ўрнатган. У бир ғилдиракли велосипедда Ирландияни 5 кун 5 соат 23 дақиқада кесиб ўтиб, эркаклар ўртасидаги энг тез натижани қайд этган.

Саёҳатчи бир йил давом этган ушбу сафардан кейин ҳозирча тикланиш билан банд эканини айтган. Бироқ у келажакда янги рекорд ўрнатиш учун яна йўлга чиқиш эҳтимолини ҳам инкор этмаган.

    Бошқа янгиликлар

    Ирландиялик саёҳатчи 6805 километрни ялангоёқ босиб ўтиб, жаҳон рекордини ўрнатди - Darakchi.uz