Тошкент жадал суръатларда кенгайиб бормоқда. Шаҳарсозлик ва экологик вазиятни инобатга олган ҳолда пойтахтнинг келажагига жиддий ёндашиш зарур. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
Унинг қайд этишича, шу мақсадда қатор йирик меъморий лойиҳалар ташаббускорлари, мустақил мутахассислар ва урбанистлар, етакчи ихтисослашган ижодий студиялар ҳамда олий таълим муассасалари вакиллари билан учрашув ўтказилган.
Учрашувда Тошкентда ечимини кутаётган қатор масалалар, жумладан, муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий объектларга тушаётган юклама, электр ҳамда сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинган.
“Янги қурилишлар шаҳарни ривожлантиришга хизмат қилиши, қўшимча номутаносиблик келтириб чиқармаслиги ва ҳудудий тизимларни ортиқча зўриқтирмаслиги керак”, деди Саида Мирзиёева.
У Тошкентни аҳоли ва шаҳар меҳмонлари учун янада қулай, кўркам, озода ва хавфсиз масканга айлантиришни мақсад қилган бизнес вакилларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
“Бундай ташаббускор бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш — Президент томонидан зиммамизга юклатилган энг асосий вазифалардан биридир”, деди Президент Администрацияси раҳбари.






