Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги нефть маҳсулотларини сақлаш омборида содир бўлган ёнғинда 3 нафар фуқаро турли даражада куйиш жароҳатларини олди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 15 сентябрь куни соат 10:30 да “112” тизими орқали Қоровулбозор тумани “Чўлқувар” МФЙ ҳудудида жойлашган нефть маҳсулотларини сақлаш омборидаги резервуарлардан бирида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган.
Хабар асосида қутқарув бўлинмалари воқеа жойига етиб борган. Ёнғин соат 11:18 да ўчирилган. Уни бартараф этиш ишларига 14 та қутқарув бўлинмаси жалб қилинган.
Бухорода нефть маҳсулотлари омборидаги ёнғинда 3 киши жабрланди
Ёнғин оқибатида 3 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш жароҳатларини олган. Улар Қоровулбозор тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.
Воқеа жойида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти ҳамда ҳамкор хизматлар ходимлари иш олиб бормоқда.






