Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида Корея Экспорт-импорт банки раиси Хван Ки Ён билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Корея Геология ва минерал ресурслар институти президенти Квон И Гюн ҳамда Корея Материалшунослик институти директори ўринбосари Бум Сун Ким ҳам иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Корея Эксимбанки ўртасида соғлиқни сақлаш, фармацевтика, муҳим материаллар, таълим ва транспорт соҳаларидаги кўп йиллик ҳамкорлик натижалари қайд этилди.
Томонлар ҳамкорлик бўйича қиймати 8 миллиард долларлик янги дастурни амалга оширишни қўллаб-қувватлади. У доирада юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларни етказиб бериш, Биомарказ ташкил этиш, муҳим минералларни қайта ишлаш ва рақамли технологияларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни жадаллаштириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Оролбўйи ҳудудида Хотин-қизлар тадбиркорлиги марказини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Тошкент–Самарқанд йўналишида янги темир йўл қурилиши лойиҳасига Кореянинг молия институтлари ва компанияларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Стратегик муҳим минераллар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма жамғарма ишга туширилгани ҳам қайд этилди.
Шу билан бирга, яримўтказгичлар ва янги материалларни ишлаб чиқиш ҳамда синовдан ўтказиш марказини ташкил этиш масаласини ўрганиш таклиф қилинди.
Ушбу лойиҳаларда Корея Геология ва минерал ресурслар институти ҳамда Корея Нодир металлар институтининг фаол иштирокини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.






