Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар рўйхатини одатдагидек яна олти ойга узайтириш бўйича келиша олмади. Бунга россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилиш талаби сабаб бўлган. Натижада санкциялар рўйхатининг амал қилиш муддати бир ҳафтага узайтирилди.
Бу ҳақда EUobserver хабар берди.
Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатида қарийб 3 минг жисмоний ва юридик шахс бор. Рўйхат ҳар олти ойда янгиланади ва уни узайтириш учун ЕИга аъзо 27 давлатнинг барчаси розилиги талаб этилади.
Рўйхатнинг амалдаги муддати 15 сентябрга ўтар кечаси тугаши керак эди. Бироқ аъзо давлатлар уни яна олти ойга узайтириш масаласида келиша олмаган.
Бунга Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилиш бўйича таклиф сабаб бўлган. Дастлаб Словакия, кейин эса Франция миллиардерни санкциялар рўйхатидан чиқаришни талаб қилган. Бироқ ЕИнинг қолган 25 давлати бу ташаббусни қўллаб-қувватламаган.
Шундан сўнг ЕИ элчилари Брюсселдаги учрашувда Усмоновни санкциялар рўйхатида қолдириш ва унинг амал қилиш муддатини 22 сентябргача, яъни навбатдаги йиғилишга қадар бир ҳафтага узайтиришга қарор қилган.
EUobserver маълумотига кўра, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан буён санкцияларни узайтириш жараёнида бундай ҳолат биринчи марта кузатилган.
Франциялик дипломатлардан бири Парижнинг Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўраётганини мамлакат миллий хавфсизлиги билан боғлиқ масала сифатида изоҳлаган.
Унинг айтишича, Франция Усмонов масаласида мурожаат қилган халқаро ҳамкорларига ижобий жавоб беришни истайди. Бу ҳамкорлар орасида Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистон бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Алишер Усмонов Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқини бошланганидан кейин, 2022 йил февралда ЕИ санкциялари рўйхатига киритилган.
Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқариш масаласи аввал ҳам кўтарилган. Хусусан, 2025 йил февралда Венгрия уни ва синглиси Саодат Нарзиевани санкциялардан чиқаришни таклиф қилган эди. Саодат Нарзиева 2022 йил апрелда санкциялар рўйхатига киритилган, аммо ўша йил сентябрда унга нисбатан чекловлар бекор қилинган.
Алишер Усмонов эса ҳануз ЕИ санкциялари рўйхатида қолмоқда.






