Россия махсус хизматлари АҚШ ва Украинани қўллаб-қувватлаётган Европа давлатларида айрим шахсларни ўлдиришни режалаштирган. Бу ҳақда АҚШ Федерал тергов бюроси (ФБР) маълум қилди.
АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилишича, Манҳэттен федерал судида беш нафар шахсга нисбатан қўйилган айбловлар очиқланган. Тергов маълумотларига кўра, улар Россия Федерацияси махсус хизматлари билан боғлиқ тармоқ доирасида АҚШ ва бошқа давлатлардаги нишонларни кузатиш ҳамда уларни ўлдириш учун одамларни ёллашга уринган.
Шунингдек, мазкур тармоқ аъзолари Украина билан ҳамкорлик қилаётган ёки шундай деб баҳоланаётган Европа давлатларида фуқаролик ва ҳарбий инфратузилма объектларига террорчилик ҳужумларини амалга ошириш учун одамларни жалб қилгани айтилмоқда.
ФБР маълумотларига кўра, Россия махсус хизматлари билан боғлиқ тармоқ камида 2024 йилдан буён дунё бўйлаб, жумладан АҚШ ҳудудида ҳам ҳужумлар ва қотилликларни амалга оширишга уриниб келган. Илгарироқ тармоқ асосан Россия мухолифлари ва собиқ разведка ходимларини нишонга олган бўлса, кейинчалик Украина иттифоқчилари сифатида кўрилаётган давлатларга эътибор қаратган.
Жумладан, жорий йил ёзида АҚШда яшовчи шахс Россиянинг таниқли мухолифларидан бирини кузатиш ва ўлдириш учун ёлланган. Унга нишонга олинган шахс билан боғлиқ манзилларни кузатиш ва фото-видео тасвирларини юбориш топширилган. Бу иш учун унга аввал 1000 ва 1500 доллар миқдорида пул таклиф қилинган.
Кейинчалик унга нишонни ўлдириш учун 40 минг доллар таклиф этилган. АҚШ фуқароси бу таклифни рад этганидан сўнг, тармоқ аъзоси қотилликни амалга ошириш учун бошқа шахсларни ҳам ёллашга уринган.
АҚШ расмийларига кўра, айбловда беш нафар шахс — Юрий Храмеев, Кирилл Храмеев, Оэмис Ромагоса Дуррути, Яйдель Делгадо Суарес ва Анхель Эдуардо Кастронинг исмлари келтирилган. Улар терроризмни молиялаштириш бўйича тил бириктиришда айбланмоқда. Юрий Храмеев, Суарес ва Кастрога, шунингдек, буюртма асосида қотиллик содир этиш учун тил бириктириш айби қўйилган.
Барча гумондорлар ҳозирча қўлга олинмаган. АҚШ Адлия вазирлиги таъкидлашича, суд ҳукми чиқмагунча айбланувчилар айбсиз ҳисобланади.






