Қозоғистонлик собиқ спортчи Адил Тилектес Шимкент шаҳридаги заводда иш вақтида электр токи уриши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда “NUR.KZ” хабар берди.
Маълум қилинишича, Адил Тилектес иш вақтида тасодифан юқори кучланишли электр симига тегиб кетган. Шундан сўнг у баландликдан йиқилиб, оғир тан жароҳатлари олган ва воқеа жойида вафот этган.
Адил Тилектес юнон-рум кураши бўйича Қозоғистон чемпиони бўлган. У 2019 йилда 60 килограмм вазн тоифасида мамлакат чемпионатида ғолибликни қўлга киритган.
Бироқ у спортдаги фаолиятини якунлаб, оиласини таъминлаш мақсадида Шимкент шаҳридаги керамик плиткалар ишлаб чиқариш заводига ишга кирган.
Маълумотларга кўра, спортчининг эшитиш қобилияти заиф бўлган. У профессионал курашда икки йилдан ортиқ иштирок этмаган. Унинг ортидан икки нафар фарзанди қолган.
Шимкент полиция департаменти матбуот хизматининг маълум қилишича, шаҳар корхоналаридан бирида ишчининг вафоти юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
“Дастлабки маълумотларга кўра, эркак иш вақтида электр токи уриши оқибатида ҳаёт учун хавфли тан жароҳатини олган. Ҳозирда воқеанинг барча ҳолатларини аниқлаш мақсадида зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади полиция департаменти хабарида.
Қайд этилишича, қонунчиликка мувофиқ, терговга қадар текширув натижалари бўйича процессуал қарор қабул қилинади.






