Ўзбекистонда илк бор ўтказилган "Йил ўқитувчиси" танлови якунланди. Республика бўйича биринчи ўринни эгаллаган педагогларнинг ҳар бири 616 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
Жорий йилги танловда мамлакат бўйлаб 46 минг нафардан ортиқ педагог иштирок этди. Якунда 208 нафар ўқитувчи ғолиб деб топилди. Ғолиблар рўйхати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан эълон қилинди.
Маълум қилинишича, "Йил ўқитувчиси" танлови 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Унда номзодлар ўзлари дарс берадиган битта фан бўйича, бошланғич синф ўқитувчилари эса бошланғич таълим йўналишида иштирок этади. Танловда қатнашиш учун вазирликнинг махсус платформаси орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.
Танлов уч босқичда ташкил этилади. Биринчи босқичда номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади.
Иккинчи босқичда педагогик маҳорат ҳакамлар ҳайъати ва педагоглар томонидан баҳоланади. Бу босқичда номзод ўтказган дарснинг видеоси махсус платформага жойлаштирилади.
Учинчи босқичда эса ўқитувчиларнинг маънавий-маърифий фаолияти ҳамда китобхонлик даражаси баҳоланади.
Танлов ғолибларига 1 400 БҲМ миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Шунингдек, ғолибларни тайёрлаган устозларни рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.






