Ўзбекистон ҳарбийлари Жанубий Кореяда ўтказилган Халқаро илмий-жанговар тайёргарлик мусобақасида ғолиб бўлди. Бу ҳақда 20 сентябрь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Нуфузли мусобақада етти мамлакатнинг 12 та жамоасидан қарийб 500 нафар иштирокчи куч синашди. Унда АҚШ, Озарбайжон, Австралия ва Польша ҳарбийлари ҳам қатнашди. Туркия, Мексика, Филиппин ва Малайзия каби давлатлар вакиллари эса мусобақа жараёнини кузатиб борди.
Мусобақа давомида иштирокчилар тоғли, ўрмонли ва шаҳар ҳудудларида жанговар вазифаларни бажарди. Шунингдек, учала ҳудуд шароитида бир вақтнинг ўзида ҳаракатланиш бўйича алоҳида босқич ҳам ўтказилди.
Ўзбекистонлик ҳарбийлар бир қатор йўналишларда юқори натижалар қайд этди. Хусусан, тоғли ҳудуддаги шартли жанговар вазифа давомида улар еттита байроқни қўлга киритиб, вазифани ҳеч қандай йўқотишсиз якунлаган. Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, бу натижа мусобақа тарихида аввал қайд этилмаган.
Шаҳар шароитидаги босқичда ҳам Ўзбекистон жамоаси шартли душманнинг барча объектлари ва еттита байроғини эгаллаган. Мудофаа объектларини ушлаб туриш вазифасида эса бирорта ҳарбий хизматчисини йўқотмаган ҳолда еттита объект ва барча байроқларни қўлга киритган.
Якуний натижаларга кўра, Ўзбекистон жамоаси 316 балл билан биринчи ўринни эгаллади. Камбоджа 212 балл билан иккинчи, мезбон Жанубий Корея жамоаси эса 192 балл билан учинчи ўриндан жой олди.
Мусобақа 2023 йилдан буён ўтказиб келинади. Ўзбекистонлик ҳарбийлар ғалабадан сўнг Тошкент халқаро аэропортида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида тантанали кутиб олинди.






