АсосийЖАМИЯТ

Чирчиқда гиёҳвандлик воситалари тайёрлайдиган лаборатория ташкил қилганлар ушланди

Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

'Чирчиқда гиёҳвандлик воситалари тайёрлайдиган лаборатория ташкил қилганлар ушланди'ning rasmi

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида хонадонни ижарага олиб, гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган 4 нафар шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида 2000 ва 2002 йилларда туғилган фуқаролар қўлга олинган.

Улар “Telegram” мессенжери орқали хорижлик кураторлар томонидан контрабанда йўли билан етказиб берилган “гашиш мойи” ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаб, “гашиш” гиёҳвандлик воситасини тайёрлагани аниқланган.

Ижарага олинган хонадонни кўздан кечириш жараёнида тахминий оғирлиги 400 грамм бўлган “гашиш”, 5 килограмм ярим тайёр маҳсулот, гиёҳвандлик воситаларини қуритишга мўлжалланган электр печи, миксер, қўлқоплар, ҳимоя воситалари, тарози ҳамда елим идишлар ашёвий далил сифатида олинган.

Терговга қадар текширув давомида гумонланувчилардан бири аввал Россияга, яна икки нафари эса Вьетнам ва Таиландга боргани ҳамда у ерда лаборатория шароитида гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш билан шуғуллангани аниқланган.

Ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 276¹-моддаси 3-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Чирчиқда гиёҳвандлик воситалари тайёрлайдиган лаборатория ташкил қилганлар ушланди - Darakchi.uz