Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи 42 нафар мактабгача таълим ташкилоти ходимига санитария сертификати олиб бериш эвазига 2,1 млн сўм пора олган вақтда ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Шўрчи тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда бўлим бошлиғи Э.Э.нинг ноқонуний фаолияти фош этилган.
У мактабгача таълим ташкилотларидан бири раҳбари С.Х.га муассасанинг 42 нафар ходимига санитария сертификатларини олиб беришни ваъда қилган. Э.Э. бунинг эвазига 2,1 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






