Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Сердар Бердимуҳамедовни таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон Президенти Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга самимий саломларини йўллади. Туркманистон Президенти ҳам ўз навбатида давлатимиз раҳбарига Гурбангули Бердимуҳамедовнинг эзгу тилакларини етказди.
Телефон мулоқоти давомида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди. Товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бораётгани, энергетика, транспорт ва бошқа муҳим соҳаларда қатор кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, «Шовот – Тошҳовуз» қўшма савдо зонасининг самарали фаолиятини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Мулоқотда минтақавий кун тартибидаги айрим масалалар, жумладан, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ҳамда Туркманистонда ўтказиладиган МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Суҳбат якунида Шавкат Мирзиёев Сердар Бердимуҳамедов ва қардош Туркманистон халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам — Мустақиллик куни билан табриклади.






