АсосийДУНË

Токио марказида 34 кундан бери ёмғир ёғмоқда — рекорд янгиланди

Токиодаги аввалги рекорд 33 кунни ташкил этган. 2019 йил 27 июндан 29 июлгача давом этган ёғингарчиликлар ўша пайтда пойтахтдаги энг узоқ давом этган ёмғир сифатида қайд этилган.

'Токио марказида 34 кундан бери ёмғир ёғмоқда — рекорд янгиланди'ning rasmi

Япония пойтахти Токио марказида ёмғир 34 кундан бери тўхтамай ёғмоқда. Бу 1886 йилдан буён шаҳарда қайд этилган энг узоқ давом этган ёғингарчилик бўлди. Бу ҳақда Япония метеорология агентлиги маълумотларига таяниб, “The Mainichi” хабар берди.

Қайд этилишича, Токиодаги аввалги рекорд 33 кунни ташкил этган. 2019 йил 27 июндан 29 июлгача давом этган ёғингарчиликлар ўша пайтда пойтахтдаги энг узоқ давом этган ёмғир сифатида қайд этилган.

Метеорологларга кўра, жорий ёғингарчиликлар Япониянинг энг йирик ороли Хонсю устидан узоқ вақт сақланиб қолган кузги ёмғир фронти билан боғлиқ. Бундан ташқари, илиқ ва нам ҳаво массалари ҳамда яқинлашаётган тайфунлар ҳам вазиятга таъсир кўрсатган.

27 сентябрь ҳолатига кўра, Токио марказида бир ой давомида 621,5 миллиметр ёғингарчилик қайд этилган. Бу кўрсаткич ўртача ойлик меъёрдан қарийб уч баравар кўп.

Шу билан бирга, сентябрь ойида Токиода энг кўп ёғингарчилик 1958 йилда қайд этилган. Ўшанда бир ой давомида пойтахтда 670,9 миллиметр ёмғир ёққан.

30 сентябрь куни ҳам Токио ва Япония шарқидаги Канто минтақасининг қатор ҳудудларида ёмғир ёғиши кутилмоқда.

Аввалроқ август ойида Тиба префектурасида кучли жала оқибатида 10 киши ҳалок бўлган, яна бир киши бедарак йўқолган эди. Ёмғирлар 1,5 мингдан ортиқ уйга зарар етказган, 709 та уйни сув босган.

Шунингдек, аввалроқ Японияда “Дужуан” тайфуни келтирган кучли ёмғир ва шамоллар оқибатида кўчкилар юз бериб, 4 киши ҳалок бўлган, яна 6 киши бедарак йўқолган эди.

    Бошқа янгиликлар

    Токио марказида 34 кундан бери ёмғир ёғмоқда — рекорд янгиланди - Darakchi.uz