Германия канцлери Фридрих Мерц 4 октябрь куни Киевга ташриф буюрди. У Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашган пайтда пойтахтда ҳаво ҳужуми сиреналари янграб, портлашлар овози эшитилди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Мерц Россияни ҳужумларни тўхтатишга чақириб, Германия Украинага ёрдам беришда давом этишини билдирди.
Ташриф давомида Украинага 1 млрд евро ҳарбий ёрдам ва энергетика инфратузилмасини тиклаш учун 350 млн евро ажратилиши эълон қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, дронлар ишлаб чиқариш бўйича келишувни якунлаш режалаштирилган.
Мерц ва Зеленский Россиянинг дрон ҳужумида зарар кўрган Украина Фанлар академияси биносига ҳам борди.
Киевда эса ташриф вақтида бир неча марта ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинди. Киев мэри Виталий Кличко Россия зарбалари оқибатида Шимолий кўприк зарарлангани, икки киши жароҳатланганини маълум қилди.
Томонлар, шунингдек, учиш масофаси 1 минг километрдан ортиқ бўлган қуроллар, дронлар ва ракеталарни биргаликда ишлаб чиқариш масаласини муҳокама қилди.
Россия ТИВи Украинадаги нишонларга зарбалар давом этишини билдирган. Зеленский эса Украина Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумларни кучайтиришини айтди.






