Қора денгизда, Руминия ҳудудий сувларидан ташқарида "Рояд Маммадов" кемасида ёнғин чиқди. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган, экипажнинг 11 нафар аъзоси қутқарилган. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Руминия Ички ишлар вазирлиги қутқарилган 11 нафар экипаж аъзоси бўлган кемани чўкаётган кема сифатида таърифлаган. Мамлакат Денгиз маъмурияти эса ҳодиса "Рояд Маммадов" кемасидаги ёнғин билан боғлиқ эканини маълум қилган.
Ҳозирча ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби расмий равишда маълум қилинмаган. Руминиялик расмийлар ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот бермаган.
Руминия ОАВларига кўра, кема Туркияга тегишли бўлиб, унда дон юкланган. Ҳодиса мамлакатнинг OMV Petrom компанияси бошқарадиган нефть платформаси яқинида содир бўлган.
VesselFinder маълумотларига кўра, Цент-Китс ва Невис байроғи остида сузган кема Италиянинг Равенна портига йўл олган. У сўнгги бор Украинанинг Измаил портида бўлган.
Айни вақтда кемадаги ёнғинга дрон зарбаси сабаб бўлгани ҳақидаги хабарлар расмийлар томонидан тасдиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, Руминия Украина билан 614 километрлик қуруқлик чегарасига эга. Россия–Украина уруши бошланганидан буён мамлакат ҳудуди ва Қора денгизда Россия дронлари ҳамда денгиз миналари билан боғлиқ бир қатор ҳодисалар қайд этилган.






