Нигериянинг жануби-ғарбий қисмидаги Ондо штатида ҳарбий самолёт қулаши оқибатида 32 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда "Reuters" хабар берди.
Қайд этилишича, Нигерия Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли ATR-42 самолёти 5 октябрь куни Бенин-Сити шаҳридан Лагосга мунтазам рейсни амалга ошираётган бўлган. Маҳаллий вақт билан соат 08:13 да диспетчерлар самолёт билан алоқани йўқотган.
Самолётда 25 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳалокатдан сўнг самолёт қолдиқлари Игбокода шаҳри яқинидан топилган. Воқеа жойига қидирув-қутқарув гуруҳлари юборилган.
Нигерия Президенти Бола Тинубу ҳалокат оқибатида самолётдаги барча одамлар ҳалок бўлганини тасдиқлаган ва марҳумларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган.
Президентнинг айтишича, у Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонидан воқеа юзасидан ахборот олган. Шунингдек, ҳалокат сабабларини аниқлаш ҳамда бундай фожиаларнинг келгусида такрорланишининг олдини олиш учун зудлик билан батафсил тергов бошлаш топширилган.
"Reuters" маълумотига кўра, мазкур ҳалокат Нигерияда сўнгги йиллардаги энг кўп қурбон берилган авиаҳалокатлардан бири бўлган.
Ҳалокат сабаблари ҳозирча маълум қилинмаган.






